Тизим тест режимида ишламоқда

Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тартиби тўғрисида низом

1. Мазкур Низом барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (кейинги ўринларда — давлат ташкилотлари)да коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш (кейинги ўринларда — рейтинг баҳолаш) тартибини белгилайди.

2. Рейтинг баҳолаш давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб бораётган фаолияти самарадорлигини пухта таҳлил қилиш, баҳолаш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида ўтказилади.

3. Давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат тизими ва коррупциянинг олдини олиш бўйича бошқа халқаро стандартларнинг самарали жорий этилганлиги ҳамда амалиётга татбиқ қилинганлиги рейтинг баҳолашнинг объекти ҳисобланади.

4. Рейтинг баҳолаш Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан ташкил этилади.

5. Рейтинг баҳолаш алоҳида индикаторлардан ташкил топган қуйидаги йўналишлар бўйича амалга оширилади:

биринчи йўналиш — давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича механизм ва ҳуқуқий асосларнинг яратилганлиги ҳамда амалиётга татбиқ этилганлиги;

иккинчи йўналиш — коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш бўйича тадбирларнинг амалга оширилганлиги;

учинчи йўналиш — давлат ташкилотлари раҳбарларининг коррупцияга қарши муросасиз муносабатни кўрсатувчи хатти-ҳаракатларининг мавжудлиги;

тўртинчи йўналиш — ходимларнинг коррупцияга қарши курашишга оид ички тартиб-таомиллардан хабардорлиги ҳамда ушбу соҳада билим ва кўникмаларини ошириш бўйича тадбирларнинг амалга оширилганлиги;

бешинчи йўналиш — коррупцияга қарши курашиш бўйича тегишли соҳа ёки тармоқ кесимида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирларининг самарадорлиги.

6. Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланиб, фаолият самарадорлиги «яхши», «қониқарли» ва «қониқарсиз» тоифаларга ажратилади.

Бунда, индикаторларни бажариш орқали:

81 баллдан 100 баллгача тўплаган давлат ташкилоти фаолият самарадорлиги — «яхши»;

55 баллдан 81 баллгача тўплаган давлат ташкилоти фаолият самарадорлиги — «қониқарли»;

55 дан паст балл тўплаган давлат ташкилоти фаолият самарадорлиги — «қониқарсиз» деб топилади.

7. Рейтинг баҳолаш йўналишлари бўйича баллар қуйидагича тақсимланади:

биринчи йўналиш — максимал 35 балл;

иккинчи йўналиш — максимал 30 балл;

учинчи йўналиш — максимал 15 балл;

тўртинчи йўналиш — максимал 15 балл;

бешинчи йўналиш — максимал 5 балл.

8. Якуний баллар мазкур Низомга 1-иловада келтирилган Рейтинг баҳолаш йўналишлари ва индикатор кўрсаткичларидаги балларни бир-бирига қўшиб чиқиш орқали аниқланади.

9. Рейтинг баҳолаш мазкур Низомга 2-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

10. Агентлик ҳар йили 5 январга қадар «E-Anticor.uz» электрон платформаси (кейинги ўринларда — электрон платформа) орқали рейтинг баҳолашдан ўтказиладиган давлат ташкилотлари рўйхатини тузади ҳамда бу ҳақда уларни ёзма равишда хабардор қилади.

11. Давлат ташкилотлари томонидан ҳар чоракда (10 апрель, 10 июль ва 10 октябрга қадар) чораклик маълумотлар, ҳар рейтинг баҳолаш йили якунида (10 январдан кечиктирмай) эса йиллик маълумотлар электрон платформа орқали Рейтинг баҳолаш йўналишлари ва индикатор кўрсаткичлари жадвалини тўлдириш йўли билан киритиб борилади.

Бунда, ушбу жадвал саволларга «тўлиқ бажарилган», «асосан бажарилган», «қисман бажарилган» ёки «бажарилмаган» устунларига тегишли белгини киритиш ҳамда тасдиқловчи ҳужжатларни бириктириш орқали тўлдирилади.

12. Агентлик мунтазам равишда давлат ташкилотлари томонидан электрон платформага киритилган маълумотларни таҳлил қилиб боради, коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги «қониқарсиз» деб топилиши мумкин бўлган давлат ташкилотларига услубий ёрдам кўрсатади.

13. Давлат ташкилотлари ҳар йили Агентликнинг хатини олгандан сўнг, ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ муддатларда электрон платформа орқали зарур маълумотларни киритади.

Бунда, тизимга давлат томонидан қўриқланадиган ва махсус рўйхатлар билан чегаралаб қўйиладиган алоҳида аҳамиятли, мутлақо махфий ва махфий ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, илмий-техникавий ва ўзга хил маълумотларни киритиш тақиқланади.

14. Йиллик маълумотлар киритилгандан сўнг Агентлик ҳар йили:

1 февралга қадар танлов асосида тегишли давлат ташкилоти томонидан киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлигини замонавий-ахборот коммуникация воситаларини (видеоконференцалоқа, онлайн сўровнома ва шу кабилар) қўллаган ҳолда масофавий ўрганади. Бунда:

маълумотларнинг ҳаққонийлиги замонавий ахборот-коммуникация воситалари орқали масофавий ўрганиладиган давлат ташкилотлари сони фаолияти баҳоланаётган давлат ташкилотларининг камида 15 фоизини ташкил этиши лозим;

маълумотларнинг ҳаққонийлиги замонавий ахборот-коммуникация воситалари орқали масофавий ўрганиладиган давлат ташкилотлари рўйхати Агентлик томонидан, киритган маълумотлари шубҳали, нотўғри бўлган давлат ташкилотлари орасидан, мустақил равишда шакллантирилади.

15. Маълумотларнинг ҳаққонийлигини замонавий ахборот-коммуникация воситалари орқали масофавий ўрганиш жараёнида нотўғри ёки сохта маълумотлар киритилганлиги аниқланган тақдирда, Агентликнинг ўзи электрон тизимга киритилган маълумотларни мустақил равишда ўзгартиради ва бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашига маълумот беради.

16. Рейтинг баҳолаш натижалари электрон платформа орқали ҳисоблаб чиқилади. Автоматик равишда ҳисоблаб чиқилиши назарда тутилмаган индикаторлар бўйича баллар Агентлик томонидан ҳисобланади.

17. Рейтинг баҳолаш натижаларининг холислигини таъминлаш мақсадида ҳар йили 9 кишидан иборат бўлган Рейтинг баҳолашни мустақил амалга оширувчи экспертлар гуруҳи (кейинги ўринларда — Экспертлар гуруҳи) шакллантирилади.

Экспертлар гуруҳи таркибини шакллантириш ва унинг фаолиятини ташкил этиш, шу жумладан экспертларни танлаб олиш мезонлари, уларнинг мажбуриятлари ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш механизмларини назарда тутувчи тартиб Агентлик томонидан белгиланади.

18. Экспертлар гуруҳи таркиби Агентлик томонидан давлат ташкилотлари таклифларига асосан шакллантирилади.

Экспертлар гуруҳи таркибига, қоида тариқасида, коррупцияга қарши курашиш бўйича экспертлар, шу жумладан амалий тажриба ва жамиятда юқори обрўга эга бўлган бошқа шахслар киритилади.

Бунда, Экспертлар гуруҳи таркибида камида 3 киши фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан бўлиши лозим.

19. Экспертлар гуруҳи Агентлик томонидан шакллантирилган дастлабки рейтинг баҳолаш натижаларини кўриб чиқади.

Бунда, Агентлик томонидан ушбу гуруҳга дастлабки рейтинг баҳолаш натижалари ва тегишли хулосалар тақдим этилади. Экспертлар гуруҳи сўровига кўра, бошқа қўшимча материаллар тақдим этилиши, электрон платформага уланиш имконияти яратилиши мумкин.

20. Экспертлар гуруҳи ҳар йили 15 февралга қадар дастлабки рейтинг баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш бўйича қуйидагилардан бирини Агентликка тақдим этади:

дастлабки рейтинг баҳолаш натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ёки қисман ўзгартириш ҳақида хулоса;

муқобил рейтинг баҳолаш натижалари.

Бунда, хулоса ва муқобил рейтинг баҳолаш натижаси Экспертлар гуруҳида овоз бериш натижаларига кўра шакллантириладиган фикр сифатида тақдим этилади. Овозлар тенг бўлиб қолганда гуруҳ раҳбарининг фикри ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

21. Экспертлар гуруҳида қабул қилинган қарорга қўшилмаган гуруҳ аъзоси ўз фикрини алоҳида билдириш ҳуқуқига эга.

22. Агентлик Экспертлар гуруҳи томонидан тақдим этилган хулоса ёки муқобил рейтинг баҳолаш натижаларини ҳар йили 20 февралга қадар пухта таҳлил қилади, унга кўра якуний баҳолаш натижаларини шакллантиради ва баҳоланаётган давлат ташкилотларига тақдим қилади.

23. Давлат ташкилотлари ҳар йили 25 февралга қадар Агентлик томонидан юборилган якуний рейтинг баҳолаш натижаларини кўриб чиқади ҳамда зарурат бўлганда ўз таклиф ва эътирозларини Агентликка тақдим қилади.

24. Агентлик давлат ташкилотлари томонидан тақдим этилган таклиф ва эътирозларни пухта таҳлил қилади ва ҳар йили 1 мартга қадар рейтинг баҳолашни ўзгартириш ёки ўзгартирмаслик ҳақида қарор қабул қилади.

25. Агентлик рейтинг баҳолаш якунларига кўра коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги «яхши», «қониқарли» ва «қониқарсиз» бўлган давлат ташкилотлари рўйхатини ҳар йили 1 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашга киритади ҳамда ўз расмий-веб сайтида ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.

26. Агентлик томонидан рейтинг баҳолаш якунлари бўйича коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги «яхши» деб топилган давлат ташкилотларининг ижобий иш тажрибасини бошқа давлат ташкилотларида оммалаштириш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилади.

Агентлик томонидан «яхши» деб баҳоланган давлат ташкилотларига уларнинг коррупцияга қарши курашишга масъул таркибий бўлинмалари ходимларини рағбатлантириш бўйича таклифлар киритиб борилади.

27. Рейтинг баҳолаш натижаларига кўра коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги «қониқарли» деб топилган давлат ташкилотларига самарадорликни янада ошириш бўйича Агентлик томонидан ҳар йили 15 мартга қадар тавсиялар киритилади.

Давлат ташкилотлари киритилган тавсияларнинг бажарилиш ҳолати тўғрисидаги ахборотни Агентлик белгилаган муддатларда электрон платформага киритиб бориши лозим.

28. Коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги «қониқарсиз» деб топилган давлат ташкилотлари ҳар йили 20 мартга қадар коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқиши ва уни Агентлик билан келишилган ҳолда тасдиқлаши лозим.

29. Кетма-кет икки йил давомида коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги «қониқарсиз» деб топилган давлат ташкилотлари раҳбарларига белгиланган тартибда интизомий жавобгарлик чораларини қўллаш масаласи кўриб чиқилади.

30. Ушбу Низом талабларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

31. Агентлик, зарурат бўлганда, рейтинг баҳолашнинг қўшимча йўналишлари ва индикатор кўрсаткичларини киритиши мумкин.

Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини

РЕЙТИНГ БАҲОЛАШ ЙЎНАЛИШЛАРИ ВА ИНДИКАТОР КЎРСАТКИЧЛАРИ

Биринчи йўналиш

Давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича механизм ва ҳуқуқий асосларнинг яратилганлиги ва амалиётга татбиқ этилганлиги

(жами — 35 балл)

Индикаторлар

Баллар

Асос*

1.1. Коррупцияга қарши курашиш бўйича ички идоравий ҳужжатларнинг ишлаб чиқилганлиги ва ўз вақтида янгилаб борилиши

1.1.1. Давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (кейинги ўринларда — давлат ташкилотлари)да коррупцияга қарши курашиш бўйича қуйидаги ички идоравий ҳужжатларнинг мавжудлиги ва заруратга қараб янгиланиб борилиши:

коррупцияга қарши курашиш сиёсати;

одоб-ахлоқ қоидалари;

коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш услубиёти;

манфаатлар тўқнашувини бошқариш бўйича низом;

алоқа каналлари орқали коррупциявий хатти-ҳаракатлар тўғрисида келиб тушган хабарларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш регламенти;

ходимларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўқитилишини ташкил қилиш бўйича йўриқнома;

контрагентларни текширишга оид йўриқнома;

ишга қабул қилинаётган номзодларни текшириш бўйича йўриқнома;

коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини мониторинг ва назорат қилиш услубиёти;

коррупцияга қарши курашиш тизимининг ҳолати ҳақидаги ҳисоботни шакллантириш ва тақдим этиш регламенти;

коррупциявий хатти-ҳаракатлар ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш ҳолатлари устидан хизмат текширувлари ўтказиш бўйича регламент;

давлат харидларини ўтказиш тўғрисидаги низом.

Изоҳ: Мазкур тўпламдаги ҳамма ҳужжатлар қабул қилинган бўлса, ТБ, 7 — 11 таси қабул қилинган бўлса, АБ, 3 — 7 таси қабул қилинган бўлса, ҚБ, 0 — 3 таси қабул қилинган бўлса, Б устунига «х» белгиси қўйилади.

ТБ

3 балл

АБ

2 балл

ҚБ

1 балл

Б

0 балл

Тасдиқланган ҳужжатларнинг электрон шакли илова қилинади

1.2. Коррупцияга қарши курашиш бўйича ички идоравий механизмларнинг жорий этилганлиги

1.2.1. Коррупция ҳақида хабар беришга мўлжалланган алоқа каналлари

 

1.2.1.1. Коррупция ҳақида хабар беришга мўлжалланган алоқа каналлари: камида 4 та алоқа канали (масалан, расмий веб-сайт, ижтимоий тармоқлардаги саҳифа, ишонч телефони, электрон манзил)нинг ташкил этилганлиги.

Изоҳ: Алоқа каналлари тўлиқ мавжуд бўлса ТБ, аксинча бўлса, Б устунига «х» белгиси қўйилади.

ТБ

1 балл

Б

0 балл

Алоқа каналлари ҳаволаси илова қилинади

1.2.1.2. Расмий веб-сайтда ва бошқа ОАВларда коррупция ҳақида хабар беришга мўлжалланган алоқа каналлари ҳақидаги маълумотларнинг, шунингдек, коррупцияга қарши ички идоравий ҳужжатларнинг жойлаштирилганлиги.

Изоҳ: Тўлиқ маълумот ва ҳужжатлар мавжуд бўлса, ТБ, аксинча бўлса, Б устунига «х» белгиси қўйилади.

ТБ

1 балл

Б

0 балл

Веб-сайт ва бошқа ОАВлардаги маълумотлар ҳаволаси илова қилинади

1.2.1.3. Расмий веб-сайтда коррупция фактларига доир мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари ҳақидаги йиллик ҳисоботнинг мавжудлиги.

Изоҳ: Мавжуд бўлса, ТБ, мавжуд бўлмаса, Б устунига «х» белгиси қўйилади.

ТБ

1 балл

Б

0 балл

Веб-сайтдаги маълумотлар ҳаволаси илова қилинади

1.2.2. Кадрларга оид масалаларда коррупцияга қарши курашиш тизимининг жорий этилиши

     

1.2.2.1. Вакант ўринларга кадрларни танлов асосида қабул қилиш тизимининг мавжудлиги.

Изоҳ: Ҳисобот даврида 80 — 100 фоиз ходимлар очиқ танлов асосида ишга қабул қилинган бўлса, ТБ, 60 — 79 фоизи танлов асосида қабул қилинган бўлса, АБ, 30 — 59 фоизи танлов асосида қабул қилинган бўлса, ҚБ, 0 — 29 фоизи танлов асосида қабул қилинган бўлса Б устунига «х» белгиси қўйилади.

ТБ

3 балл

АБ

2 балл

ҚБ

1 балл

Б

0 балл

Ўтказилган танлов материаллари (суҳбат ёки тест баённомалари, видео материал) илова қилинади

1.2.2.2. Расмий веб-сайтда ишга қабул қилиш, ротация тўғрисидаги эълонлар ва ахборотларнинг мавжудлиги.

Изоҳ: мавжуд бўлса, ТБ, мавжуд бўлмаса, Б устунига «х» белгиси қўйилади.

ТБ

1 балл

Б

0 балл

Веб-сайтдаги маълумотлар ҳаволаси илова қилинади

1.2.2.3. Меҳнат шартномаларига коррупцияга қарши шартларнинг киритилганлиги.

Изоҳ: Мавжуд бўлса, ТБ, мавжуд бўлмаса, Б устунига «х» белгиси қўйилади.

ТБ

1 балл

Б

0 балл

Коррупцияга қарши шартлар билан меҳнат шартномасида танишганлигини имзоси билан тасдиқлаган ходимлар рўйхати илова қилинади

1.2.2.4. Коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бериш механизми, хабар берган ходимларни рағбатлантириш, уларнинг таъқибга олинмаслиги кафолатининг мавжудлиги.

Изоҳ: Тегишли механизм мавжуд бўлса, ТБ, мавжуд бўлмаса, Б устунига «х» белгиси қўйилади.

ТБ

1 балл

Б

0 балл

Мазкур масалаларни тартибга солувчи ички регламент, ходимлар рўйхати ва статистик маълумотлар илова қилинади

1.2.3. Давлат ташкилотларида манфаатлар тўқнашувини ҳал қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, уларга риоя этилиши юзасидан мониторинг ўтказилишини таъминлаш

 

1.2.3.1. Ходимлар томонидан манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияни тўлдириш.

Изоҳ: Ҳисобот даврида манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияни тўлдирган ходимлар 100 фоиз бўлса, ТБ, 70 — 99 фоиз бўлса, АБ, 30 — 69 фоиз бўлса, ҚБ, 0 — 29 бўлса, Б устунига «х» белгиси қўйилади.

ТБ

3 балл

АБ

2 балл

ҚБ

1 балл

Б

0 балл

Ишга қабул қилишда, лавозими ўзгараётганда, ротация қилинаётганда ва йиллик декларацияни тўлдирган ходимларнинг кадрлар бўлими томонидан тасдиқланган рўйхати илова қилинади

1.2.3.2. Ишга қабул қилинувчи номзодлар устидан ўтказилган текширувлар сони.

Изоҳ: Ҳисобот даврида 100 фоиз номзодлар текширилган бўлса, ТБ, 70 — 99 фоизи текширилган бўлса АБ, 30 — 69 фоизи текширилган бўлса, ҚБ, 0 — 29 фоизи текширилган бўлса, Б устунига «х» белгиси қўйилади.

ТБ

3 балл

АБ

2 балл

ҚБ

1 балл

Б

0 балл

Ишга қабул қилинувчи номзодларга нисбатан ўтказилган текширувлар тўғрисида хулосалар сони кўрсатилади

1.2.3.3.Аниқланган манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари ва уни тартибга солиш бўйича қабул қилинган чоралар.

Изоҳ: Ҳисобот даврида манфаатлар тўқнашуви аниқланмаган ёки аниқланган ҳолатларга чоралар кўрилган бўлса, ТБ, манфаатлар тўқнашуви аниқланган ҳолатларга чоралар кўрилмаган бўлса, Б устунига «х» белгиси қўйилади.

ТБ

2 балл

Б

0 балл

Аниқланган манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари реестри илова қилинади

1.2.3.4. Контрагентлар устидан ўтказилган текширувлар сони

Изоҳ: Ҳисобот даврида100 фоиз контрагентлар текширилган бўлса, ТБ, 70 — 99 фоизи текширилган бўлса, АБ, 30 — 69 фоизи текширилган бўлса, ҚБ, 0 — 29 фоизи текширилган бўлса, Б устунига «х» белгиси қўйилади.

ТБ

3 балл

АБ

2 балл

ҚБ

1 балл

Б

0 балл

Контрагентларни текшириш реестри, ҳисобот даврида ўтказилган контрагентлар текширувлар сони, текширувлар натижалари бўйича ижобий ва салбий хулосалар нусхаси илова қилинади

1.2.4. Давлат ташкилотлари фаолиятида коррупциянинг олдини олишга доир тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан ушбу ташкилот томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаган ҳолда мунтазам равишда мониторинг ўтказиш

 

1.2.4.1. Коррупцияга қарши курашиш тизимининг ҳолати ҳақидаги ҳисоботларнинг мавжудлиги ва сифатли тўлдирилганлиги.

Изоҳ: Мазкур индикатор бўйича баллар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳисоботларнинг мавжудлиги ва сифатли тўлдирилганлигидан келиб чиқиб, 0 — 3 балл оралиғида белгиланади.

0 — 3 балл

Коррупцияга қарши курашиш тизимининг амал қилиши ҳақида умумий ҳисобот ҳамда коррупцияга қарши давлат дастурида назарда тутилган чора-тадбирларнинг ижроси ҳақида ҳисобот илова қилинади

1.2.4.2. Коррупцияга қарши тартиб-таомилларнинг самарадорлигини мониторинг ва назорат қилиш бўйича режадаги тадбирларнинг бажарилганлиги.

Изоҳ: Мазкур индикатор бўйича баллар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан режадаги тадбирларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилганлигидан келиб чиқиб, 0 — 3 балл оралиғида белгиланади.

0 — 3 балл

Режа (ташкилотнинг барча жараёнларини, мониторинг ва назорат қилинадиган даври ва текширув муддатларини ўз ичига олган) ва унинг ижросини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади

1.2.4.3. Ҳисобот даврида алоқа каналлари орқали келиб тушган коррупцияга оид хабарлар бўйича ва мониторинг натижаларига кўра коррупциявий ҳаракат деб ҳисобланган ҳолатлар юзасидан хизмат текширувлари ўтказилганлиги.

Коррупцияга қарши курашишга оид қонунчиликнинг бузилганлиги тўғрисида тасдиқланган ҳолатларнинг (қонунчилик ҳужжатлари кесимида) аниқланганлиги.

Давлат ташкилотларида тасдиқланган коррупцияга қарши курашиш бўйича назорат ва тартиб-таомилларнинг бузилиш ҳолатлари (ички ҳужжатлар кесимида), коррупциявий хатти-ҳаракатларга йўл қўйилганлик ҳолатларининг аниқланганлиги.

Изоҳ: 100 фоиз текширилган (ўрганилган) бўлса, ТБ, 70 — 99 фоиз текширилган (ўрганилган) бўлса, АБ, 30 — 69 фоиз текширилган (ўрганилган) бўлса, ҚБ, 0 — 29 фоиз ўрганилган бўлса, Б устунига «х» белгиси қўйилади.

ТБ

3 балл

АБ

2 балл

ҚБ

1 балл

Б

0 балл

Алоқа каналлари орқали келиб тушган хабарларни рўйхатга олиш реестри, хизмат текширувлари реестри нусхаси илова қилинади.

Айбдорлар аниқланган ҳолатлар сони банд бўйича бўлиб кўрсатилади

1.2.4.4. Коррупцияга оид қонунчилик ва ички идоравий талабларни бузган ходимларга қўлланилган жазолар.

Изоҳ: Мазкур индикатор бўйича баллар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан, содир этилган ҳаракат ва қўлланилган жазо табиатидан келиб чиқиб, 0 — 3 балл оралиғида белгиланади. Ҳисобот йилида ўтказилган текширишлар ва келиб тушган хабарлар таҳлили асосида қонунчилик ва ички идоравий талабларни бузган ходимлар аниқланмаган бўлса, 2 балл қўйилади.

0 — 3 балл

Кадрлар бўлими томонидан тасдиқланган коррупцияга қарши курашишга оид қонунчилик ва ички идоравий талабларни бузган ходимлар сони ҳамда уларга қўлланилган чоралар кўрсатилган рўйхат

Иккинчи йўналиш

Коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш бўйича тадбирларнинг амалга оширилганлиги

(жами — 30 балл)

Индикаторлар

Баллар

 

2.1. Давлат ташкилотининг барча функция ва вазифаларида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш бўйича баҳолаш ўтказилганлиги.

Изоҳ: Баҳолаш қамрови 100 фоиз бўлса, ТБ, 70 — 99 фоиз бўлса, АБ, 30 — 69 бўлса, ҚБ, 0 — 29 фоиз бўлса, Б устунига «х» белгиси қўйилади.

ТБ

15 балл

АБ

10 балл

ҚБ

5 балл

Б

0 балл

Давлат ташкилотининг бирлашган коррупциявий хавф-хатарлар харитаси, коррупция хавфига энг кўп мойил бўлган функция ва лавозимлар рўйхати илова қилинади

2.2. Аниқланган коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш бўйича кўрилган чоралар.

Изоҳ: Мазкур индикатор бўйича баллар аниқланган хавф-хатар ва минималлаштириш учун кўрилган чоралар табиатидан келиб чиқиб, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 0 15 балл оралиғида белгиланади.

015 балл

Давлат ташкилотлари, уларнинг ҳудудий ва таркибий бўлинмаларининг коррупцияга қарши кураш дастури («Йўл харитаси») ва унинг амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади

Учинчи йўналиш

Давлат ташкилотлари раҳбарларининг коррупцияга қарши муросасиз муносабатни кўрсатувчи хатти-ҳаракатларининг мавжудлиги

(жами — 15 балл)

3.1. Давлат ташкилоти раҳбарининг ходимлар ва жамоатчилик учун коррупцияга қарши курашишга оид мурожаатининг мавжудлиги, унинг ходимлар эътиборига етказилганлиги, ҳайъат йиғилишлари ва бошқа йиғилишларда коррупцияга қарши курашиш ҳолатларининг кўриб чиқилганлиги.

Изоҳ: Мавжуд бўлса, ТБ, мавжуд бўлмаса, Б устунига «х» белгиси қўйилади.

ТБ

1 балл

Б

0 балл

Мурожаат эълон қилинган манба ҳаволаси, тегишли ҳайъат йиғилишлари ва бошқа йиғилишлар баённомаси илова қилинади

3.2. Коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат тузилмаси тузилганлиги, унинг зарур ресурслар, штат бирликлари ва бошқа моддий-техник база билан таъминланганлиги.

Изоҳ: Мазкур индикатор бўйича баллар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан, коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат тузилмалари орасида электрон платформада ўтказиладиган сўровнома натижаларидан келиб чиқиб, 0 — 12 балл оралиғида белгиланади.

012 балл

Электрон платформада сўровнома тўлдирилади

3.3. Давлат ташкилотлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан ОАВ ва тадбирларда коррупцияга қарши курашиш бўйича чиқишлар.

Изоҳ: Ҳисобот давридаги ҳар ярим йилда камида 1 марта мавжуд бўлса ТБ, мавжуд бўлмаса Б устунига «х» белгиси қўйилади.

ТБ

2 балл

Б

0 балл

Маълумотлар ва материаллар ҳаволаси илова қилинади

Тўртинчи йўналиш

Ходимларнинг коррупцияга қарши курашишга оид ички тартиб-таомиллардан хабардорлиги ҳамда ушбу соҳада билим ва кўникмаларини ошириш бўйича тадбирларнинг амалга оширилганлиги

(жами — 15 балл)

4.1. Ходимларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича ички тартиб-таомиллардан хабардорлиги

 

4.1.1. Ходимларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича ички идоравий ҳужжатлар билан танишганлик ҳолати ҳамда коррупцияга қарши талаблар ва тартиб-таомилларга риоя этилиши.

Изоҳ: Барча ходимлар таништирилган бўлса, ТБ, 70 — 99 фоизи таништирилган бўлса, АБ, 30 — 69 фоизи таништирилган бўлса, ҚБ, 0 — 29 фоизи таништирилган бўлса, Б устунига «х» белгиси қўйилади.

ТБ

5 балл

АБ

2 балл

ҚБ

1 балл

Б

0 балл

Коррупцияга қарши ички идоравий ҳужжатлар билан танишганлигини имзоси билан тасдиқлаган ходимлар рўйхати, ходимларнинг коррупцияга қарши асосий талаблар ва тартиб-таомиллардан хабардорлиги юзасидан якуний мониторинг натижалари ҳамда ушбу талаблар ва тартиб-таомилларга риоя этилиши устидан назорат якунлари илова қилинади**

4.2. Ходимларнинг коррупцияга қарши курашиш соҳасида билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган тадбирларнинг амалга оширилганлиги

 

4.2.1. Ҳисобот йилида ходимларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича билим ва кўникмалари оширилганлиги.

Изоҳ: Мазкур индикаторда олдинги ҳисобот йилидаги кўрсаткичлар сони таққосланади. Бунда, билим ва кўникмалари оширилган ходимларнинг сонида ижобий фарқ бўлса ёки ўзгариш бўлмаса, ТБ, агар камайиш бўлса, Б устунига «х» белгиси қўйилади.

ТБ

1 балл

Б

0 балл

Давлат ташкилоти тизими ходимларини коррупцияга қарши курашиш бўйича умумий ва махсус ўқитишга доир маълумотлари (тасдиқланган рўйхат) ва таҳлил натижалари илова қилинади

4.2.2. Давлат ташкилоти ходимларини коррупцияга қарши курашиш бўйича тайёрлаш ва қайта тайёрлашга оид махсус ўқув дастурлари, қўлланмалар мавжудлиги.

Изоҳ: Мавжуд бўлса, ТБ, мавжуд бўлмаса, Б устунига «х» белгиси қўйилади.

ТБ

1 балл

Б

0 балл

Коррупциявий хавф-хатар юқори бўлган лавозимда ишловчи ва бошқа ходимларни, шу жумладан, ишга янги қабул қилинган ходимларни коррупцияга қарши курашиш бўйича тайёрлаш, қайта тайёрлашга оид махсус ўқув дастурлари, қўлланмалар илова қилинади

4.2.3. Ишга янги қабул қилинган ходимларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш тизимининг мавжудлиги.

Изоҳ: Мавжуд бўлса, ТБ, мавжуд бўлмаса, Б устунига «х» белгиси қўйилади

ТБ

3 балл

Б

0 балл

Ишга янги қабул қилинган ходимларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича билим ва кўникмалари оширилганлиги бўйича кадрлар бўлими томонидан тасдиқланган маълумотлар илова қилинади

4.2.4.Коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича тренинглар ўтказиш:

барча ходимлар учун;

коррупциявий хавф юқори даражада бўлган функцияларни бажарувчи бўлинмалар учун.

Изоҳ: ходимларнинг 70 — 100 фоизи ўқитилган бўлса, ТБ, 50 — 69 фоизи ўқитилган бўлса, АБ, 30 — 49 фоизи ўқитилган бўлса, ҚБ, 0 29 фоизи ўқитилган бўлса, Б устунига «х» белгиси қўйилади.

ТБ

5 балл

АБ

3 балл

ҚБ

2 балл

Б

0 балл

Кадрлар бўлими томонидан тасдиқланган ўқитиш турлари, шакллари, ўқитилган ходимлар сони ҳамда уларнинг лавозими ва бўлинмалари рўйхати жадвал шаклида илова қилинади

Бешинчи йўналиш

Коррупцияга қарши курашиш бўйича тегишли соҳа ёки тармоқ кесимида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирларининг самарадорлиги

(жами — 5 балл)

5.1. Коррупцияга қарши курашиш мавзусида ташкил этилган тадбирлар сони.

Изоҳ: Мазкур индикаторда олдинги ҳисобот йилидаги кўрсаткичлар сони таққосланади. Бунда, ўтказилган тадбирлар сонида ижобий фарқ бўлса ёки ўзгариш бўлмаса, ТБ, тадбирлар сонида камайиш бўлса, Б устунига «х» белгиси қўйилади.

ТБ

1 балл

Б

0 балл

Статистик маълумотлар илова қилинади

5.2. Коррупцияга қарши курашиш мавзусида ташкил этилган тадбирларнинг қамров даражаси.

Изоҳ: Мазкур индикаторда олдинги ҳисобот йилидаги кўрсаткичлар сони таққосланади. Бунда, ўтказилган тадбирларнинг қамров даражасида ижобий фарқ бўлса ёки ўзгариш бўлмаса, ТБ, қамров даражасида камайиш бўлса, Б устунига «х» белгиси қўйилади.

ТБ

2 балл

Б

0 балл

Статистик маълумотлар (иштирокчилар сони, ҳудудий қамров) илова қилинади

5.3. Коррупцияга қарши курашишга оид тарқатилган кўргазмали материаллар, қўлланмалар, ижтимоий аудио ва видеороликлар сони.

Изоҳ: Мазкур индикаторда олдинги ҳисобот йилидаги кўрсаткичлар сони таққосланади. Бунда, тарқатилган материаллар сонида ижобий фарқ бўлса ёки ўзгариш бўлмаса ТБ, тарқатилган материаллар сонида камайиш бўлса, Б устунига «х» белгиси қўйилади.

ТБ

2 балл

Б

0 балл

Статистик маълумотлар илова қилинади

Изоҳ: 1. Тизимга давлат томонидан қўриқланадиган ва махсус рўйхатлар билан чегаралаб қўйиладиган алоҳида аҳамиятли, мутлақо махфий ва махфий ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, илмий-техникавий ва ўзга хил маълумотларни киритиш тақиқланади. Давлат ташкилоти томонидан мазкур маълумотлар рейтинг баҳолашга таъсир ўтказади деб ҳисобланса, тегишли индикатор кўрсаткичларини баҳолаш Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг белгиланган рухсатномага эга бўлган ходими томонидан ўша ташкилотга бориб амалга оширилади.

2. Давлат ташкилотлари тегишли устунларга «х» белгисини қўйгандан кейин уни тасдиқловчи ҳужжатлар ва бошқа материалларни «E-Anticor.uz» электрон платформасига бириктириши лозим. Тегишли маълумотлар бириктирилмаган тақдирда, платформада автоматик равишда энг паст балл қўйилади.

* Коррупцияга қарши курашиш агентлиги талабига кўра тегишли ҳужжат ёки материаллар қўшимча бириктирилади ва ҳаволалар кўрсатилади.

** Коррупцияга қарши курашиш агентлиги танлов асосида ходимларнинг коррупцияга қарши ички ҳужжатлардан хабардорлиги бўйича замонавий ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланган ҳолда суҳбат ўтказиши мумкин.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан уларнинг ҳудудий бўлинмалари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиёти

Мазкур Услубиёт давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан уларнинг ҳудудий бўлинмалари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларнинг (бундан буён матнда давлат ташкилотлари деб юритилади) фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш тартибини белгилайди.

1. Давлат ташкилотларининг фаолиятидаги коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолашнинг мақсадлари қуйидагилардан иборат:

давлат ташкилотининг коррупциявий хавф-хатарга энг кўп дуч келадиган вазифа ва функцияларини аниқлаш ҳамда коррупциявий хавф-хатар юқори бўлган лавозимлар рўйхатини шакллантириш;

коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.

2. Коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш қуйидагилар ишлаб чиқилишини назарда тутади:

коррупциявий хавф-хатарлар харитаси;

коррупцияга қарши курашиш бўйича дастур;

коррупциявий хавф-хатар юқори бўлган лавозимлар рўйхати;

коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри.

3. Ушбу Услубиётда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

коррупциявий хавф-хатар — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда мавжуд сабаб ва шароитларда коррупциявий хатти-ҳаракатларни содир этиш эҳтимоли;

коррупциявий хавф-хатарлар харитаси — давлат ташкилоти фаолиятида амалга ошириладиган вазифа ва функциялар (жараёнлар) билан боғлиқ юзага келиши мумкин бўлган коррупциявий хавф-хатарнинг тавсифи ва даражаси, функцияларни (жараёнларни) тартибга солувчи механизмлар, функцияларни (жараёнларни) амалга оширишга масъул бўлган лавозим, коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш чоралари, қолдиқ коррупциявий хавф-хатар даражаси, коррупциявий хавф-хатарни бартараф этиш чораларини амалга оширишга масъул ижрочиларни ўз ичига олган ҳужжат;

коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик — коррупция аломатларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонунчиликда жавобгарлик назарда тутилган қилмиш;

коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш — давлат ташкилотининг фаолиятини (вазифа ва функцияларини) таҳлил қилиш, мавжуд коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва ушбу хавф-хатарлар даражасини баҳолаш бўйича фаолият;

қолдиқ хавф-хатар — аниқланган коррупциявий хавф-хатарни бартараф этиш юзасидан белгиланган чорадан кейин сақланиб қоладиган хавф-хатар;

махсус бўлинма — давлат ташкилотидаги коррупцияга қарши ички назорат тузилма;

ишчи гуруҳ — коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари мавжуд бўлмаган давлат ташкилотларида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш учун тузиладиган ходимлар таркиби.

4. Давлат ташкилоти томонидан коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ҳар йили 1 мартга қадар амалга оширилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) давлат ташкилотларининг коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ва бартараф этиш борасидаги фаолиятини такомиллаштириш, ушбу йўналишда камчиликларнинг олдини олиш бўйича кўрсатмалар берилиши мумкин.

6. Коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш давлат ташкилоти тизимига кирувчи барча таркибий ва ҳудудий бўлинмаларни қамраб олиши лозим.

Бунда, коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш махсус бўлинма ёки ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади.

7. Ишчи гуруҳ аъзолари давлат ташкилотининг таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ташкил этилади.

Давлат ташкилотининг биринчи раҳбари томонидан ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланади ҳамда унинг фаолияти мувофиқлаштирилади.

8. Коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолашда давлат ташкилоти марказий аппаратининг махсус бўлинмаси (ишчи гуруҳ) томонидан қуйидаги вазифалар амалга оширилади:

коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш бўйича ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;

давлат ташкилотининг коррупциявий хавф-хатарлар харитасини ишлаб чиқиш;

давлат ташкилотининг коррупцияга қарши курашиш бўйича дастур лойиҳасини ишлаб чиқиш;

давлат ташкилотининг тузилмасига кирувчи ташкилотлар ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ишлаб чиқилган коррупциявий хавф-хатарлар харитаси ва коррупцияга қарши курашиш бўйича дастур лойиҳаларини кўриб чиқиш ва уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар бериш;

Агентлик ва жамоатчилик томонидан берилган таклифлар асосида давлат ташкилотининг коррупциявий хавф-хатарлар харитасини ва коррупцияга қарши курашиш бўйича дастур лойиҳасини такомиллаштириш.

9. Давлат ташкилотининг тузилмасига кирувчи ташкилотлар ва унинг ҳудудий бўлинмаларидаги махсус бўлинма (ишчи гуруҳ) қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш ишларини ташкил этиш;

коррупциявий хавф-хатарлар харитасини ва коррупцияга қарши курашиш бўйича дастур лойиҳаларини ишлаб чиқиш.

10. Махсус бўлинма (ишчи гуруҳ) томонидан давлат ташкилоти фаолиятининг (вазифа ва функцияларининг) тавсифи ушбу Услубиётнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда тузилади.

11. Давлат ташкилоти фаолиятидаги (вазифа ва функциялардаги) коррупциявий хавф-хатарлар ички ва ташқи ахборот манбалари асосида аниқланади.

12. Ички ахборот манбалари қуйидагилардан иборат:

давлат ташкилоти фаолиятининг (вазифа ва функцияларининг) ҳуқуқий асоси;

ички текширув материаллари, шу жумладан хизмат текшируви материаллари;

одоб-ахлоқ комиссияси мажлисларининг йиғилиш баённомалари;

коррупцияга қарши курашиш ишларининг мониторинг натижалари;

махсус бўлинма (ишчи гуруҳ) томонидан давлат ташкилоти фаолияти (вазифа ва функциялари) юзасидан ўтказилган сўровномалар, шу жумладан социологик тадқиқотлар натижалари ва бошқалар.

13. Ташқи ахборот манбалари қуйидагилардан иборат:

давлат ташкилоти фаолияти тўғрисидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги мурожаатлар (хабарлар) ва статистик маълумотлар;

Агентлик ёки бошқа давлат ташкилотлари томонидан давлат ташкилоти фаолияти (вазифа ва функциялари) юзасидан ўтказилган сўровномалар, шу жумладан социологик тадқиқотлар натижалари;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тақдим этилган материаллар ва бошқалар.

14. Махсус бўлинма (ишчи гуруҳ) давлат ташкилотининг фаолиятидаги (вазифа ва функцияларидаги) коррупциявий хавф-хатарларни аниқлашда қуйидаги ҳолатлар таҳлил қилиниши лозим:

давлат ташкилотининг ходими томонидан содир этилган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик;

давлат ташкилоти томонидан фаолиятини (вазифа ва функцияларини) амалга оширишда жисмоний ва юридик шахслар учун сунъий тўсиқларнинг мавжудлиги;

ўз вақтида қарор қабул қилмаслик, асоссиз тезкор тартибда қарор қабул қилиш;

ҳужжатлар, электрон маълумотлар базаларига била туриб ёлғон маълумотларнинг киритилиши;

хизмат ваколатларини амалга оширишда манфаатлар тўқнашуви;

ваколатларни амалга оширишда маҳаллийчилик, ҳомийлик, уруғ-аймоқчилик каби ҳолатларнинг мавжудлиги.

15. Давлат ташкилоти фаолиятидаги (вазифа ва функцияларидаги) коррупциявий хавф-хатарларнинг даражаси қуйидаги ўлчовларда баҳоланади:

паст

ўрта;

юқори.

16. Махсус бўлинма (ишчи гуруҳ) томонидан коррупциявий хавф-хатар даражасига баҳо бериш мазкур Услубиётнинг 2-иловасидаги мезонлар асосида амалга оширилади.

17. Коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш чоралари қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда ички идоравий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

инсон омилини қисқартириш ва давлат ташкилоти фаолиятини (вазифа ва функцияларини) рақамлаштириш, шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш;

давлат ташкилоти фаолиятини (вазифа ва функцияларини) тартибга солиш чораларини кўриш;

давлат ташкилоти ходимлари ва жисмоний шахслар ўртасида тўғридан-тўғри алоқани максимал даражада чеклаш;

расмий веб-сайт ва бошқа оммавий ахборот воситаларида давлат ташкилоти томонидан амалга оширилаётган давлат харидлари тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш ва тарқатиш;

давлат хизматларини кўрсатиш жараёнини соддалаштириш, асоссиз чекловларни, ортиқча маъмурий тартиб-таомилларни бекор қилиш, бюрократик тартибга солиш механизмларини йўқ қилиш, тақдим этилган ҳужжатлар сони ва қарор қабул қилиш муддатларини қисқартириш;

давлат ташкилоти томонидан коррупцияга қарши курашишга қаратилган тушунтириш ишларини амалга ошириш, профилактик суҳбатлар ўтказиш, ишонч телефонлари ва алоқа каналларида тарғибот ишларини амалга ошириш;

ходимларнинг коррупцияга қарши курашиш ва манфаатлар тўқнашувини бошқариш бўйича ички ҳужжатларга ҳар куни, ўзаро ва тўлиқ риоя қилишларини назорат қилиш.

Давлат ташкилоти коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш бўйича қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа чора-тадбирларни ҳам амалга ошириши мумкин.

18. Коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш бўйича мазкур Услубиётнинг 16-бандида белгиланган чоралардан келиб чиқиб, қолдиқ хавф-хатар даражасини баҳолаш мазкур Услубиётнинг 2-иловасидаги мезонлар асосида амалга оширилади.

19. Давлат ташкилоти марказий аппаратининг махсус бўлинмаси (ишчи гуруҳи) томонидан мазкур Услубиётнинг 3-иловасига мувофиқ шаклда марказий аппаратнинг коррупциявий хавф-хатарлар харитаси лойиҳаси ишлаб чиқилади.

20. Давлат ташкилотининг тузилмасига кирувчи ташкилотлар ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ушбу Услубиётнинг 3-иловасига мувофиқ шаклда коррупциявий хавф-хатарлар харита лойиҳалари ва мазкур Услубиётнинг 4-иловасига мувофиқ шаклда коррупцияга қарши курашиш бўйича дастур лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Бунда, мазкур лойиҳалар давлат ташкилоти марказий аппаратининг махсус бўлинмасига (ишчи гуруҳига) умумлаштириш учун тақдим қилинади.

21. Давлат ташкилоти марказий аппаратининг махсус бўлинмаси (ишчи гуруҳи) томонидан давлат ташкилоти фаолиятидаги (вазифа ва функцияларидаги) коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш натижалари асосида давлат ташкилотининг умумлаштирилган коррупциявий хавф-хатарлар харитаси ишлаб чиқилади ва «E-anticor.uz» электрон платформасига ҳар йили 1 февралга қадар киритилади.

22. Давлат ташкилоти марказий аппаратининг махсус бўлинмаси (ишчи гуруҳи) томонидан «E-anticor.uz» электрон платформасида жойлаштирилган коррупциявий хавф-хатарлар харитасига асосан автоматик равишда қуйидаги ҳужжатлар шакллантирилади:

давлат ташкилотининг коррупцияга қарши курашиш бўйича дастури;

давлат ташкилотининг коррупциявий хавф-хатари юқори бўлган лавозимлари рўйхати.

23. Агентлик томонидан «E-anticor.uz» электрон платформасида жойлаштирилган давлат ташкилотларининг коррупциявий хавф-хатарлар харита лойиҳалари асосида автоматик равишда коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри шакллантирилади.

24. Коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри лойиҳаси Агентлик томонидан жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш учун ўн беш кундан кам бўлмаган муддатга «Eanticor. uz» веб-сайтига жойлаштирилади.

25. Агентлик жамоатчилик муҳокамаси натижалари бўйича умумлаштирилган таклифларни муҳокама якунланган кундан бошлаб ўн кун ичида «E-anticor.uz» электрон платформаси орқали давлат ташкилотига юборади.

26. Давлат ташкилоти марказий аппаратининг махсус бўлинмаси (ишчи гуруҳи) Агентлик ва жамоатчилик томонидан берилган таклифлар асосида давлат ташкилотининг коррупциявий хавф-хатарлар харитаси ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича дастури лойиҳаларини такомиллаштиради.

27. Давлат ташкилотининг биринчи раҳбари ҳар йили 1 мартга қадар коррупциявий хавф-хатарлар харитаси ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича дастурини «E-anticor.uz» электрон платформаси орқали тасдиқлайди.

28. Мазкур Услубиёт талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан уларнинг ҳудудий бўлинмалари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиётига
1-ИЛОВА

Давлат ташкилоти фаолиятининг (вазифа ва функцияларининг)

ТАВСИФИ

Т/р

Функция номланиши

Функция доирасида бажариладиган жараён

Жараёнларни амалга ошириш учун жавобгар шахслар

(унинг Ф.И.О. ҳамда лавозими)

1. Давлат ташкилотининг номи

1.1. Давлат ташкилотининг таркибий бўлинмаси

1.1.1.

   

 

   
   
   
   
   
   
   
   
   
   

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан уларнинг ҳудудий бўлинмалари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиётига
2-ИЛОВА

Коррупциявий хавф-хатар даражасига баҳо бериш бўйича

МЕЗОНЛАР

Коррупциявий хавф-хатар даражаси

Мезонлар

Юқори*

давлат ташкилотининг фаолияти (вазифа ва функцияси) автоматлаштирилмаган

давлат ташкилотининг фаолияти (вазифа ва функцияси) тартибга солинмаган

назоратсиз тартибда иш жойида жисмоний ёки юридик шахслар билан тўғридан-тўғри алоқа қилиш имконияти мавжуд

давлат ташкилотининг фаолияти (вазифа ва функция) доирасида қарорни лойиҳасини тайёрлашда, кўриб чиқишда ва қабул қилишда бир шахс иштирок этиши

давлат ташкилотининг фаолиятини (вазифа ва функцияни) бажаришда коррупциявий хатти-ҳаракат содир этилган (жиноят содир этилганлиги суд томонидан тасдиқланган)

Ўрта*

давлат ташкилотининг фаолияти (вазифа ва функцияси) қисман автоматлаштирилган

давлат ташкилотининг фаолияти (вазифа ва функцияси) қисман тартибга солинган

назорат тартибида иш жойида жисмоний ёки юридик шахслар билан тўғридан-тўғри алоқа қилиш имконияти мавжуд

давлат ташкилотининг фаолиятини (вазифа ва функцияни) доирасида қарорни лойиҳасини тайёрлашда, кўриб чиқишда ва қабул қилишда иккита шахс иштирок этиши

давлат ташкилотининг фаолияти (вазифа ва функцияси) бажаришда коррупциявий хатти-ҳаракат содир этилганлиги тўғрисидаги маълумот мавжуд (жиноят содир этилганлиги суд томонидан тасдиқланмаган)

Паст**

давлат ташкилотининг фаолияти (вазифа ва функцияси) тўлиқ автоматлаштирилган

давлат ташкилотининг фаолияти (вазифа ва функцияси) тўлиқ тартибга солинган

жисмоний ёки юридик шахслар билан тўғридан-тўғри алоқа қилиш имконияти мавжуд эмас

давлат ташкилотининг фаолияти (вазифа ва функцияси) доирасида қарорни лойиҳасини тайёрлашда, кўриб чиқишда ва қабул қилишда уч ва ундан ортиқ шахс иштирок этиши

коррупциявий хатти-ҳаракат ва коррупциявий хатти-ҳаракат содир этилганлиги тўғрисидаги маълумот мавжуд эмас

*Махсус бўлинма (ишчи гуруҳ) томонидан давлат ташкилотининг фаолиятида (вазифа ва функциясида) аниқланган хавф-хатарнинг юқори ёки ўрта даражада деб баҳолаш давлат ташкилоти раҳбари билан келишган ҳолда амалга оширилади.

**Давлат ташкилотининг фаолиятида (вазифа ва функциясида) аниқланган коррупциявий хавф-хатар даражасини баҳолашда, агарда паст даражадаги мезонларнинг бири мавжуд бўлса, ўша коррупциявий хавф-хатар даражаси паст даражада деб баҳоланади.

 

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан уларнинг ҳудудий бўлинмалари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиётига
3-ИЛОВА

         

«ТАСДИҚЛАЙМАН»

Давлат ташкилотининг раҳбари

__________________ Ф.И.О.

«____» ______________ йил

               

______________________нинг фаолиятидаги коррупциявий хавф-хатарларнинг

ХАРИТАСИ

               

Т/р

Коррупциявий хавф-хатарнинг тавсифи

Коррупциявий хавф-хатарнинг даражаси (паст, ўрта, юқори)

Функцияларни (жараёнларни) амалга оширишга масъул бўлган лавозим

Функцияларни (жараёнларни) тартибга солувчи механизм

Коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш чоралари

Қолдиқ коррупциявий хавф-хатар даражаси (паст, ўрта, юқори)

Масъул ижрочилар

 

1. Таркибий бўлинманинг номи*

1.

1. Давлат ташкилоти функцияси номи

 

1. Функцияга оид муносабат номи

   
 

1. Жараён номи

               
 

2. Жараён номи

               
 

2. Таркибий бўлинманинг номи*

2.

1. Давлат ташкилоти функцияси номи

 

1. Функцияга оид муносабат номи

 

1. Жараён номи

               
 

2. Жараён номи

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан уларнинг ҳудудий бўлинмалари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиётига
4-ИЛОВА

Давлат ташкилотининг коррупцияга қарши курашиш

ДАСТУРИ

Т/р

Коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш чора-тадбирлари

Амалга ошириш механизми

Ижро муддати

Ижро учун масъуллар