Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Кадастр агентлиги (Агентлик) ўртасида тасдиқланган 2023 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси ижроси юзасидан ҳамкорликда қуйидаги ишлар амалга оширилди:
Коррупцияга қарши ички назорат тизимини самарали жорий этиш мақсадида 12 тадан ортиқ ички идоравий ҳужжатлар қабул қилинди. Жорий йилнинг ҳисобот даврида коррупцияга қарши курашиш сиёсати, хизмат текшируви ва ўрганиш ўтказишни такил этиш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.
Натижада ташкилот фаолиятида коррупцияга қарши кураш тизими жорий этилганлиги бўйича “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими” ИСО 37001:2016 халқаро стандарт сертификатини қўлга киритди.
Коррупцияга оид мурожаатларни қабул қилишга оид алоқа каналлари орқали коррупциявий ҳолатлар юзасидан ўтган давр мобайнида жами 87 та мурожаат келиб тушган. Комплаенс назорати тузилмаси томонидан мурожаатларни ўрганиш натижаларига кўра, 5 та ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган, 12 та ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган, 21 та ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилиб, 1 та жиноят иши қўзғатилган.
Агентлик тизимида ходимларнинг коррупцияга муросасиз муносабатини шакллантириш мақсадида 7 297 нафар ходим шу жумладан, 1 094 нафари бошқарув, 6 203 нафари мутахассислардан иборат шахсий таркибнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича билим ва кўникмалари оширилди.
Комплаенс назорат тузилмасининг 22 нафар (ички назорат тузилмаси ходимларининг 67 %) ходими ИСО:37001 стандарти бўйича малака сертификатга эга бўлди.
Жорий йилнинг 3 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган “ИИИ Тошкент Аксилкоррупция Форуми” доирасида Кадастр агентлиги “Фаолият очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашдаги сайи-ҳаракатлари учун” номинацияси бўйича тақдирланди.
Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари томонидан 2023 йил 9 ойи давомида жами 76 та назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, натижада 558,8 млн сўмлик қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган. Шундан 3 та ҳолат бўйича тегишли идоралар томонидан жиноий иш қўзғатилиб, етказилган зарар суммаси тўлиқ ундирилди.
Шунингдек, ички назорат тузилмалари томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Хусусан, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари билан ҳамкорликда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган фаол тадбир ўтказилган бўлиб, Янгийўл шаҳар филиали бошлиғи I.Xning хизмат хонасида фуқаро М.А ўзига тегишли бўлган Янгийўл шаҳарда жойлашган қурилиши битмаган хонадонни қурилиши тугалланган деб кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун Кадастр ходимига пора беришга уриниб, 2 млн сўмнинг бир қисми, яъни 1 млн сўмини бераётган вақтда Департамент тезкор ходимлари томонидан далилий ашё билан ушланган. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Янгийўл шаҳар судининг ҳукмига асосан фуқаро М.А Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбли деб топилиб, унга нисбатан 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Ички назорат тузилмаси ходимлари томонидан ўтказилган назорат тадбирлари натижалари бўйича коррупцияга ва бошқа қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган 62 нафар ходимга нисбатан хайфсан берилган, 20 нафарига иш ҳақидан жарима ундирилган ҳамда 8 нафари билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган.
Кадастр агентлигида коррупция ва қонунбузилиши ҳолатларининг олдини олиш бўйича профилактик чоралар ўтказилиб келинмоқда. Хусусан, 581 та учрашув, семинар, давра суҳбатлари ҳамда 385 та тарғибот-ташвиқот тадбирлари амалга оширилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати