Жорий йилнинг 27 июнь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази билан ҳамкорликда “Коррупция - жамоатчилик фикри кўзгусида” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Агентлик ҳамда Марказ раҳбарияти, Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Агентлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, Экспертлик гуруҳи аъзолари, тадқиқотлар билан шуғулланувчи илмий доира вакиллари иштирок этишди.
Давра суҳбатида коррупцияга қарши курашиш жараёнларига нодавлат нотижорат ташкилотларини фаол жалб этиш, улар билан биргаликда тадқиқотлар, ижтимоий сўровлар ўтказиш ҳамда бу борадаги фаолият натижалари атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Агентлик томонидан “Ижтимоий фикр” маркази билан 10 дан ортиқ ижтимоий сўровлар ва тадқиқотлар ташкил этилди.
Ўтган йилдан бошлаб эса, ҳар чоракда соҳа ва ҳудудлар кесимида коррупциянинг тарқалганлик даражасини аниқлаш амалиёти йўлга қўйилди. Сўров натижаларига асосан, мамлакатда коррупция тарқалганлик даражаси ва коррупцияни ҳис қилиш индекси шакллантириб келинмоқда. Қолаверса, сўров ва тадқиқотлар натижалари қонунчиликни такомиллаштириш, стратегик йўналишларни белгилаш, йўл-харита ва чора-тадбирлар ишлаб чиқиш учун ҳам асос бўлмоқда.
Давра суҳбатида Агентлик ҳамда “Ижтимоий фикр” маркази томонидан мамлакатдаги коррупциянинг моҳияти ва сабаблари, коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларининг самарадорлиги ҳақида жамоатчиликнинг фикри ва муносабатини ўрганиш мақсадида жорий йилнинг апрель-май ойларида ўтказилган “Фуқаролар Ўзбекистонда коррупция тўғрисида” мавзусида ўтказилган социологик тадқиқот натижалари тақдимот қилинди.
Аҳамиятлиси, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш йўналишида олиб борилган ислоҳотлар, қабул қилинган ҳужжатларнинг амалиётга жорий этилгани сўров натижаларида тўла намоён бўлди.
Хусусан, 2022 йилда ўтказилган сўров билан қиёсланганда, коррупцияга муросасиз, унинг оқибатларини тўла англаган аҳоли вакиллари фоизи деярли 20 фоизга ортгани кўринмоқда.
Жорий йилги сўровда респондентларнинг аксарияти - 91,2% (2022 йилда 72,1%) фуқароларнинг ўз муаммоларини ҳал қилиш учун пора беришига салбий, 6,3% (4,7%) нейтрал, бефарқ, атиги 2,3% ижобий муносабатини намойиш қилди.
Сўров натижаларига кўра, 42,5% респондентлар мамлакатда коррупциянинг тарқалганлик даражасини “ўртача” дея баҳолади, 18,9% коррупция даражаси “юқори”, 11,6% “паст” деган фикрда. Коррупциявий вазиятга тушган респондентларнинг улуши 21,2%ни ташкил этди, 78,8% эса коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга шахсан дуч келмаганлигини қайд этди.
Тадқиқот натижаларига кўра, фуқароларнинг фикри асосида, коррупциявий вазиятга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган энг коррупциялашган давлат органлари, вазирлик ва идораларнинг рейтинги тузилди. Олинган жавобларга кўра, ўзбекистонликлар кўпинча ўз муаммолари ёки масалаларини норасмий ҳал қилиш ҳолатига Соғлиқни сақлаш, Олий таълим, фан ва инновациялар, Мактабгача ва мактаб таълими, Бандлик ва камбағалликни қисқартириш, Қурилиш ва уй-жой-коммунал хўжалиги, Ички ишлар вазирлиги каби тузилмаларда дуч келишади.
Ўтказилган тадқиқотнинг кўрсатишича, 46,3% фуқароларнинг фикрича, мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар мамлакатда коррупция даражасини пасайтиришга ёрдам бермоқда. 26,9% сўралганларнинг фикрича, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, коррупциянинг даражаси ўсишда давом этмоқда.
Аниқланишича, фуқароларни коррупциявий муносабатларга ва ноқонуний хатти-ҳаракатларга ундайдиган асосий сабаблар бюрократик пайсалга солинишлардан қутилиш истаги, мавжуд муаммоларни ҳал қилишга интилиш ёки шунга эҳтиёж, муаммони қонуний ҳал қилиш учун вақт ёки имкониятнинг йўқлиги ҳисобланади. Шунингдек, пора ёрдамида масалаларни ҳал қилиш одатий амалиёт, умумқабул қилинган хатти-ҳаракат, муаммони ҳал қилишда ёрдам берган мансабдор шахсга миннатдорчилик билдириш шакли ҳисобланади, деган тасаввур жамоатчиликда кенг тарқалган.
Тадқиқот натижалари давлатнинг коррупцияга қарши курашиш стратегияси ва жамият ҳаётидан ушбу балони бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар аҳоли томонидан қўллаб-қувватланаётгани ва маъқулланаётганидан далолат бермоқда. Аксарият сўров иштирокчиларининг фикрича, мамлакатда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган стратегия коррупция даражасини қисқартиришга қодир.
Давра суҳбатида тадқиқотнинг шу каби натижалари атрофлича муҳокама қилинди. Экспертларнинг таъкидлашича, олинган натижалар мамлакатдаги коррупциянинг ҳақиқий даражасини ўлчамайди, балки унинг жамоатчилик фикри томонидан қандай идрок этилишини акс эттиради.
Муҳокамалар мобайнида тадқиқот натижалари асосида келгусида коррупциянинг олдини олиш ва бартараф этиш чораларининг таъсирчанлиги ҳамда самарадорлигини оширишга қаратилган таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилиб, ҳамкорликда амалга ошириладиган янги вазифа ва мақсадлар белгилаб олинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати